Муҳсин Убайдуллаев: "Нефтчи" мухлислари охирги  турларда қандай ўйинлар бўлиб ўтганлигига гувоҳ бўлишди"

"Нефтчи" билан шартномани узайтирган тажрибали ҳимоячи Муҳсинжон Убайдуллаев клуб матбуот хизматига қисқача интервью берди. 

— Муҳсинжон, ўтган мавсум хақида нима дея оласиз?

— Ўтган мавсумни яхши ўтказдик, деб айта оламан. Лекин, якунда совриндорлар қаторидан тушиб қолганимиз жуда аламли бўлди. Сўнгги тургача медалларга эга чиқиш учун кураш олиб бордик. Бироқ, барча мухлисларимиз охирги  турларда қандай ўйинлар бўлиб ўтганлигига гувоҳ бўлишди. Айтиб ўтиш жоиз, баъзи бир беллашувларда бизга бироз  омад етишмади.

— Жамоамиз билан келаси мавсумда ҳам биргасиз. Айтингчи, "Нефтчи"да  қолишингиз учун асосий учта сабаби нима бўлди?

— Асосий сабаблардан бири, жамоамиз янги мавсумда ўз олдига юқори мақсадларни қўйганлигидадир. Шунингдек, фарғоналик бўлганим учун  севимли жамоамда ўйнаш мен учун шарафли ҳисобланади.

— Якунига етган мавсумда жамоамиз таркибида майдонда энг кўп ҳаракат қилган футболчилардан бири бўлдингиз? 

— Асосийси, ўзингизга бўлган ишонч. Жамоамомизда исталган позицияда рақобат жуда кучли бўлишига қарамай, майдонда боримни бериб ҳаракат қилдим. Бу эса ўз навбатида бехато ҳаракат қилишга ундайди. Рақобат бор жойда ўсиш ҳам бўлади.

— Якунланган мавсумда сизга қарши ўйнаган энг кучли уч футболчини санаб бера оласизми?

— Силванус Нимели, Остон Урунов ва Ойбек Бозоров.

— 21 рақам сиз учун нимани англатади?

— "21" рақам ҳеч нарсани англайтмайди. Жамоа таркибида менга тақдим этилган биринчи рақам айнан 21 бўлган ва ҳозирги кунга қадар Убайдуллаев фамилияси 21 рақам билан чиройли кўринади (кулади)

— Янги мавсумда мухлисларимиз  ўтган мавсумга нисбатан яхшироқ натижа кутиши табиий. Бу эса футболчиларга ва шахсан ўзингизга босим туғдирмайдими?

— Босим ҳар доим бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Бу ҳолат водий жамоаларида одатга айланиб улгурган бўлса,мен учун эса кўпроқ мотивация беради.

— Жамоамиз мухлислари ҳақида қандай фикрлар билдира оласиз?

— Бу йил жамоамиз мухлислари ҳар қачонгидан кўра анча фаол бўлишди. Албатта, эришилган ютуқларимизда уларнинг ўрни беқиёс. Худо хоҳласа янги мавсумда ҳам ғолибона юришда давом этиб,уларни  хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!